
Қариндошимизникига боришимни айтишди. Тадбир бўлса керак, ўзи анчадан бери бормаган эдим, баҳонада қариндош-уруғни зиёрат қилиб келаман, деган мақсадда йўлга отландим. Лекин кўнгилда озгина нохушлик бор, у қариндошим озгина диндан узоқроқ одамлар эди, борсам яна стол устига спиртли ичимликлар қўйилган бўлиши, дастурхон атрофида тамаки чекишларини ўйласам, юрагим орқага тортиб кетади…Эҳ, майли, бир кўришиб, ҳол-аҳвол сўраб қайтаман, деб йўлга отландим.
Чет эл компаниясида ишлаганим учун асосий вақтим хизмат сафарида ўтади. У ернинг тартиб-таомиллари бошқа, одамлари ҳам. Шунинг учун бўлса керак юртдаги жигарларни одам соғинаркан. Ўша мўйсафид додалар, оқ рўмолли момолар, қора кўз жиянлар, юрак энтикиб кетади. Аммо яна ўша манзара, аёл-эркак аралаш тўйлар, эс-ҳушини йўқотар даражада рақс тушаётган йигит-қизлар кўз олдимга келиши билан қалбни маъюслик эгаллайди.
Тошкентнинг эски маҳаллаларидан, Чорсунинг биқинида, тор кўчалар, эсимда, ёзда кўчанинг у бошидан бу бошигача оламни бузиб югуриб юрардик. Катталарни олдидан сипо бўлиб ўтиб олардик-да, яна тўполонни бошлардик. У вақтларнинг гашти бошқача эди. Ҳатто синфдош қизлар билан қўл бериб сўрашмасдик, назаримда улардан кўра кўпроқ биз уялардик. Кўчада кўришиб қолсак ҳам бошқа тарафга қараб ўтиб кетардик, кимдир кўриб қолса яхши иш эмас, деб. Шунга қарамай уларни ҳимоя қилиш, кўчада хафа қилдириб қўймасликни асосий бурчимиз деб билардик. Қизлар ҳам ўзиникини қўймасди, “повод” бермасди. Тўйларда ҳам эркаклар алоҳида, аёллар алоҳида базм қилишарди, эркакларнинг йиғилиши асосан ош билан тугарди. Аёллар нима қилишини кўпам билавермасдик, у томон биз учун тақиқланган эди. Самоварда қўллар куйган, ошларда лаганлар синган даврлар эди…
Маҳалла бошига етиб келдим. Мана ўша кўча, ўзгариб кетибди, катта дўконлар, катта машиналар, лекин кичкина дарахтлар, яна алламбало навидан. Қариндошнинг уйи томон йўналдим. Шовқин-суронни эшитишга тайёрланиб, ишқилиб бировни дилини оғритиб қўймай-да, деб, эски чойхонани мўлжаллаб юравердим. Ҳа, айтганча, қариндошнинг уйи олдида чойхона бор эди. Доим кишилар билан банд, кундузи чоллар, кечқурун дадаларимиз, хуллас ҳаёт қайнайдиган жой эди. Ҳафтанинг шундай кунлари бўлардики, эркаклар чойхонани бўшатиб қўйишарди, у куни аёлларга бир отинойи диндан дарс берарди, у куни чойхона олдига биз йигитчалар ҳам яқинлашмасдик. Ўша вақтлардаги ҳаёни эсласам, бўлган эканда вақтлар, деб қўяман.
Чойхона ўзгариб кетибди, катта ресторан, қариндошнинг кулбаси ҳам энди кичкина эмас, замонга яраша дейдими, хуллас, маҳаллани «уялтирмайдиган» уйлардан экан. Танидим, уйнинг олдидаги тутдан танидим. Тут дарахтини унча-мунчага кесиб бўлмайди, деб эшитганим бор эди, бу бидъат дарахтни асраб қолиш учун ўйлаб топилган қоидами, билмадим, тут жойида, демак унинг олдидаги уй жигарники. Негадир жимлик, лекин кўчада эркаклар устига чойнакдан бошқа нарса қўйилмаган дастурхон атрофида суҳбат қуриб ўтиришибди, катта тоға, почча, ҳамма ўша ерда, жиянлар ора-сира кўриниш бериб қўйишяпти. Иложи борича узоқдан ҳаммани таниб олиб, борганда исмларини айтиб кўриши учун шошмасдан юрдим. Олдимдан аёллар ўтиб кетишди, қизиқ, мени кўришлари билан рўмолларининг бир учи билан юзларини ёпганча, саломимга алик олишни ҳам насия қилиб қариндошнинг уйи томон кетишди. Ўзи бегона аёлларга салом бермасдим, фақат бу жойларда янгича расм-русумда бунга эътибор қилинмайди, шу туфайли тағин салом бермасам, фалончининг жияни “тарбиясиз экан” деган тамғани олмай деб берганим бор эди. Лекин қалбда қуёш кўринди, ахир улар, аёллар эркаклар олдидан ҳаё билан ўтишди. Бу ҳолат менга бошқача таъсир қилдими, жойимда оз вақт туриб қолдим, яна кутилмаган ҳолат, бояги аёллар уйга яқинлашиши билан эркаклар бир чеккага ўтиб, уларни уйга ўтказиб юборишди. Машаааллоҳ! Мен адашибман, ахир бу қариндошим, азалий анъаналаримизни тиклабдику! Аёлларимиз — бизнинг маликаларимиз, номаҳрамлар кўзи тушмаслиги учун ҳамма шароит қилиб берилган, керак бўлса ҳовлилар ҳам ичкари-ташқарили қилинган даврларни қайтарибдику! Ана энди росмана кузатишни бошладим, аёлларнинг бошида рўмол, эркакларда дўппи, аёллар уйга бир чеккадан, эркаклардан юзини тўсиб ўтишяпти. Мусиқа овози эшитилмаяпти. Ёшлигимизда тўйларда маҳалла карнай-сурнай овозига тўлиб кетарди, кейинроқ бу овозлар замонавий куй-қўшиқларга алмашди ва дилни хира қиладиган даражада асабни ўйнарди. Аслида карнай, ноғора товушларини эшитсам ҳам қариндошимни маломат қилмайдиган ҳолатда бундай сокинлик, барча бир-бирига қўлини кўксига қўйиб салом бериб, қучоқ очиб кўришиши мени роса хурсанд қилди.
Қариндошлар олдига келиб, бирма-бир кўришишни бошладим. Тадбир ниманинг шарофати биланлигини билмаганим учун фақат ҳол-аҳвол сўраш билан чекландим. Шунда кўзим ҳовлига тушди, дарвозахонанинг ярмидан мато тортилган, уёғида аёлларни шарпаси кўринар эди. Мана, бизнинг эски маҳалла! Яна ёшлигим эсимга тушди, чойхонада сумалак қилинарди, маҳаллага. Қўлидан иш келиб қолган бизга ўхшаган йигитлар қозонни ўрнатиш, ўтин ташиш, оловни ёқиб бериш, қозонга сув тўлдириш каби ишларга қарашиб юборардик. Кейин ҳаммамизни у ердан чиқариб юборишарди, буёғига аёллар ўйин-кулгу қилади, сизларга уят бўлади, деб. Биз ҳам буни тушунган ҳолда қўшникида ошга уннаётган эркаклар томон кетардик. Тўғри, айрим шўхроқларимиз дарахтга чиқиб, аёллар базмини кузатарди, қачонки кимдир кўриб қолиб, узун таёқ билан уни дарахтдан туширмагунча, роса кулгига қоларди ўзиям.
Бир вақт парда ортидан кимдир мени чақираётганини кўриб қолдим, борсам узоқроқ қариндош, кўришдим, ҳаммани сўраб чиқдилар. Паст овозда, бошқа эркакларнинг эътиборини тортмасликка ҳаракат қилиб суҳбатлашганлари мени, рости, ажаблантирди, хурсанд бўлдим. Яна эркаклар томонга чой чиқаришда ёш болаларни секингина чақириб, улар орқали бериб юборишлари, одам тарихга қайтгандек бўлди. Ўша ёшлик, уй ичида эркаклар ўтирган бўлса, чойнаклар остонага қўйиб кетиларди. Эркаклар уйдан чиқмоқчи бўлса, уй эгаси қаттиқроқ йўталиб билдириб қўярди, ҳовлидаги аёллар дарров бирор хонага ёки ошхонага кириб олишарди. Ўша дамлар қайтгандек бўлди.
Роса уялдим. Мен ўзимни тақводор деб керилиб юрарканман, чет эл компаниясида ишлайдиган аёл ҳамкасбларни рўмолда-ку деб, улар билан иш юзасидан гаплашишда чегара билмайдиган одамга азалий қадриятларимиз тикланган жойни кўриш ва улар ҳақида шу вақтгача ножўя ўйлаб юриш, эҳ нодон…
Бир чеккага бориб ўтирдим, файласуфона фикр қилиб ўтирдим. Шунда ўзи қандай тадбирга келдим деган савол миямда барқ этиб янгради, яна қариндош эмиш, ўзимни маломат қила-қила, ўзимдан анча ёш жиянни чақирдим, қуйида ўша суҳбатдан бир парча:
— Менга қара, ўзи нега йиғилдик?
— Поччамизни оталари, қудабува оламдан ўтгандилар, бугун учинчи куни, — деб, жияним менга ҳайрон боқарди.
Бошимдан муздек сув қуйилгандек бўлди. Ҳамма нарса, ўйларим ҳам чалкашиб кетди. Ҳа-я, деб жиян олдидан узоқроққа кетдим.
Аввалига ўзимни роса маломат қилдим, олдинроқ аниқлик киритиб олсанг бўлмасмиди, ахир таъзияга келибсан-ку, балки сендан ўзларини юпатадиган гап кутишгандир, тамом, қандай қариндошсан, дея ўзимни четга олдим. Ичимда ўтган қариндошни дуо қилиб қўйдим. Ариқ бўйида шу уй билан боғлиқ хотираларни эслаб турсам, ҳовлидан бояги аёллар чиқишди, балки бошқалардир, лекин бошда рўмол, унинг учи билан юзларини тўсиб ўтишларидан ўшалар бўлса керак деб ўйладим. Эркаклар чета ўтиб уларга девор олдидаги йўлни бўшатишди.
Маҳалла аёллари ҳаёли-да, деган ўй билан узоқларга тикилиб турсам, бояги аёллар 3-4 эшик нарига ўтиб, шартта бошларидаги рўмолларини ечиб, ўзаро кулишганча машиналарга чиқиб кетишди. “Муздек сув” ҳодисаси такрорланди.
Энди рационал фикрлашни бошладим. Демак таъзия, жаноза бўлгани учун экан-да, ахир авваллари одатий ҳол бўлган нарсалар энди фақат таъзиядами?
Азалий қадриятларимиз жанозадами фақат?
Аёллардаги ҳаё, эркаклардаги ҳамият шу кабилардами энди?
Шундай экан, кузатиб турсам таъзияли уйга яқинлашган аёллар бошга рўмол ўрашяпти, аёллар келса ҳурмат кўрсатиб четга ўтаётган эркаклар нарироққа бориб тамаки тутатиб келяпти…
Эртароқ хулоса қилган эканман, энди тўйни кўрмагунча бир нарса дейиш қийин.
Сўзимни раҳматли шоир Аъзам Ўктамнинг «Соғинч» номли шеъри билан тугатмоқчиман:
Жанозага борсам негадир
Кўзим қувнаб бўлурман беҳол.
Фақат шундоқ ўхшайди ахир
Эр эркакка, аёлга аёл.
Бир дард ўртаб юборди дилни,
Ёзарканман титратиб қўлим:
Ўз аслига қайтарса элни,
Ўлим бўлсин ҳар куни, ўлим.