Блогер ёки журналист?

Қаҳрамон Асланов ва Хайрулла Ҳамидовнинг журналистика бўйича фикрларини ўқиб, ўзим учун шундай хулосага келдим, бизда, ёки касб ўз номи билан аталмайди, ё ўша касбда ундан бехабарлар ишлайди. Бу фикр юқорида номлари келтирилган инсонларга қаратилмаган.

Журналист, ўзининг классик маъносида қандай касб? Википедияга эътибор қаратсак, у ерда шундай таърифни кўриш мумкин:

«Журналист – асосий фаолияти журналистика билан шуғулланиш бўлган, муҳим фактлар, воқеалар, одамлар, ҳодисалар ҳақидаги ахборотни йиғиш, қайта ишлаш ва уни аудиторияга етказиш орқали ОАВни ахборот билан тўлдирувчи киши. Журналистлар асосан публицистик фаолиятга йўналган бўлиб (колумнистлар), улар ўз олдига маълум ижтимоий фикрни шакллантириш, шунингдек, давлат ҳокимиятининг у ёки бу қарор ва ҳаракатларига таҳрирловчи сифатида таъсир қилиш ва нашр, радио- ёки телеканал таъсисчилари белгилаган чегаралар доирасида жамият ва давлат ўртасидаги воситачи бўлишни мақсад қилади».

«…муҳим фактлар, воқеалар, одамлар, ҳодисалар ҳақидаги ахборотни йиғиш, қайта ишлаш ва уни аудиторияга етказиш орқали ОАВни ахборот билан тўлдирувчи киши» – демак журналистнинг вазифаси аниқ белгиланган. Худди шу талабларни блогерга қўяоламизми? Йўқ. Мана бу банд эса улар орасидаги фарқни аниқроқ кўрсатади: «…таъсисчилари белгилаган чегаралар доирасида жамият ва давлат ўртасидаги воситачи бўлишни мақсад қилади». Блогер эса эркин, шунинг билан ҳам у блогер.

Журналистика бу аниқ иш, фаолият тури. Сиздан маълум бир билим, малака ва кўникмалар талаб қилинадиган касб тури.

Журналист блогер бўлиши мумкинми? Ҳа, бемалол, агар у цензурасиз ишлашга рози бўлса, фикрлари учун энди таҳририят эмас, шахсан ўзи жавоб бериши кераклигини қабул қилса.

Блогер журналист бўла оладими? Бунда ҳам ижобий жавоб, бўла олади, кенг жамоатчиликка маълум бир нашр номидан гапириш масъулиятини бўйнига олса.

Журналист тайёрлашда уларга «таъсисчилар белгилаган чегаралар доирасида» деган таълимот ҳам берилади, албатта, таъсисчи ўзи учун маълум бир чегараларни белгилаб олишга ҳақли, ахир у пул тўлаяпти, ОАВни очишдан мақсади бор. Демак, журналистлар аввалбошдан бундай тартиб-қоидаларга тайёр бўлиб боришади. Менга эркинлик берилмаяпти, деб гапириш юқоридаги талаб бор касбда ноўринроқ. Эркинлик блогерликда, фақат шахс ҳуқуқларига дахл қилинмаса ва бошқа ноқонуний амалларга қўл урилмаса.

Блогер таърифига эътибор берсак ҳам, аслида у журналистикадан фарқли, блогер – воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўзининг шахсий фикр-мулоҳазаларини интернет тармоғида у ёки бу шаклда ёритиб борувчи шахс (бугунги кунда гуруҳлар ҳам бўлиши мумкин). Мақсад ҳам бошқа, блогерда инсонларга объектив маълумотни бериш мажбурияти йўқ, аксинча, фикрнинг субъективлиги унинг ўзига хослигини белгилайди. Шунинг учун кўп машҳур блогерларни бошида ғалати қабул қилинади, чунки улар ўзларининг фикрларини тўғри-нотўғрига ажратмай билдираверадилар. Цензура йўқ. Ўзини цензура қилиш ҳам.

Балки ноўриндир, лекин журналистика ва блогерлик орасидаги фарқни автобус ҳайдовчиси ва ўз автомобилида кира қиладиган одамлар орасида фарқ билан солиштирган бўлардим. Автобус ҳайдовчиси ўз ҳаракатларида тўлиқ эркин эмас, маълум бир маршрут, белгиланган жойларда одамларни олиш, тушириш вазифаси ва ҳ.з. Лекин кўчадаги ҳолатга қараб тезликни белгилаш, қувиб ўтиш ва шунга ўхшаш ишларда ўз билимига асосланиб қарор қабул қилиши мумкин.

Киракашда эса тўлиқ эркинлик, истаса ишлайди, истамаса йўқ, маълум бир вақтда кўчага чиқиш керак деган мажбурияти йўқ. Маршрут танлашда эркинлик, ҳатто мижоз танлашни ўзи ҳал қилади. Фақат маълум бир қонуний талабларни бузмаса бўлди.

Автобус ҳайдовчиси кира қила оладими? Албатта, ахир бу унинг учун бахтку! Хоҳлаган вақтда ишлайди, бекатларда тўхташ деган талаб йўқ ва бошқа эркинликлар, доимий маош йўқлигига ва кўчада ҳаракатларига фақат ва фақат ўзи жавоб беришга рози бўлса бўлди.

Аксинча ҳам шундай, автобус ҳайдаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга эга бўлса, жадвал асосида ишлашга ва бошқа талабларга розилик билдирса киркаш ҳам автобус ҳайдаши мумкин.

Журналист бўлмаганимиз учун бу фикрлар ҳам субъктив бўлиши мумкин.

Каналга уланиш👉🏻 https://t.me/joinchat/AAAAAEuKd2PlMlIWNEmpJw

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *