Бир йили Грецияда инқирозга қарши чоралар бўйича қандайдир қонун қабул қилиниши керак эди. Депутатлар ушбу қонунни қўллаб овоз беришса ЕИ ёки ХВЖ Грецияга молиявий ёрдам беради, лекин бюджет бўйича жиддий иқтисод қилишга тўғри келади ва бу халққа ёқмайди ҳамда депутатнинг кейинги чақириқда қолмаслиги аниқ бўлади. Овоз беришмаса кредит йўқ, давлатга қийин, лекин депутат яна депутатликка сайланиши мумкин. Танлаш ҳуқуқи ўзида. Овоз бериш жараёнида ҳар бир депутатнинг қарори эълон қилиб турилган

«Буларнинг неваралари бизни роса сўкади-да»

Семён, милтиғингни қараб қўй, яқин орада хужумга ўтамиз.
– Буларнинг неваралари бизни роса сўкади-да…
– Э нималар деяпсан, бизга хали ёдгорлик ўрнатишади!
– Эсинг жойидами, Ваня?
– Бу саволни уларга бериш керак…

Қўрқиб уйғониб кетдим.

Бир китобда ўқиганим, ўтмишнинг қонли кунлари кўз олдимдан бирма-бир ўта бошлади…

1864 йилнинг 1 октябри, содда, хокисор, сиёсатдан, «катта ишлар»дан бехабар аҳоли кундалик ишларини қилиб юрибди. Бирдан ғалоғовур кўтарилди – ўрислар Дарвишак қопқа деган жойга етиб келибди, хали замон хужумга ўтадиганга ўхшайди. 1864 йилнинг 2 октябрида эрталабдан жанг бошланди, аниқроғи ҳар икки томон ўртасида тўплардан ўқлар узилди. Муҳаммад Солиҳ Тошкандий шундай ёзган: «Бу вақтда Эшонқули додхоҳ мадрасаси талабалари, хусусан эшон Шарифхўжа Офоқхўжа ўғли, эшон Ҳожихон Солиҳҳожи юзбоши ўғли, Саъид Аҳрорхўжа Сотиболдихўжа ўғли, пичоқчи уста Содиқ Назар, ўратепалик Хидирназар заргарнинг укаси ва бошқа зиёли вакиллари «ғазотни ва бу шарафли урушни Қуръон, тафсир ва ҳадислардан олинган сўзлар билан исботлаб, ҳаммани ғазотга ва урушга чорлади. Уларнинг ўзлари ҳам Қўқон дарвозасига бориб тўпчиларга қўшилиб ўқ жойлашда ва отишда қатнашдилар».

Генерал Черняев 12 замбаракдан шаҳарни ўққа тутди. Аммо тадбирлари иш бермай, мағлубиятга учраб, 4 октябрда Чимкентга қайтиб кетишга мажбур бўлди.

1865 йил, Черняев бу сафар сув манбаини эгаллаш орқали шаҳарни ўзига тобе қилишни режалаштириб, Тошкентдан 25 чақирим шимоли-шарқда, Чирчиқ дарёсининг чап қирғоғида жойлашган Ниёзбек қалъасига юриш қилади. Икки кунлик мудофаа жангларидан сўнг 1865 йилнинг 29 апрелида Ниёзбек қалъаси таслим бўлади. Бу ерда Черняев хоинлар маслаҳати билан Бўз-сув тўғонини бузиб, уни Чирчиқ сувига буриб, Тошкент шаҳрини сувдан маҳрум қилди. Бу билан у аҳолининг қаршилигини синдирмоқчи ва шаҳарни таслим бўлишга мажбур қилмоқчи эди. 8 май санасида хоинлар ёрдамида шаҳарни осон эгаллашни режалаштирган генералнинг режаларини шерюрак Мулла Алимқул бошчилигидаги аскарларнинг Тошкентга келиши бузиб юборади. Тошкент мудофаасини ўз қўлига олган Мулла Алимқул 9 май эрта тонгда 7 минг киши билан шаҳардан чиқиб руслар лагерига ҳужум уюштиради, аммо жангда Мулла Алимқул оғир яраланади ва ҳимоячилар шаҳарга чекинишга мажбур бўладилар. Мулла Алимқулнинг вафоти нафақат Тошкентда, балки бутун хонликда тушкунлик уйғотади…ўраб олинган шаҳар аҳли сувсизлик ва очликдан оғир аҳволда қолади…ва Черняев Тошкентни очиқ жанг билан истило қилишга қарор қилади.

Черняев ҳужумни 14 инчидан 15 июнга ўтар кечаси шаҳарнинг Камолон дарвозасидан бошлашга қарор қилади – эй, воҳ, ахир бу ўша жойку?! – ва тунда ҳужум бошлананади. Шаҳар атрофи қалин боғлар билан қуршалганлиги боис ҳимоячилар душманни шаҳар деворларига нарвонлар билан яқинлашгунига қадар пайқамай қоладилар. Руҳоний Малов қўлида хоч ушлаганча босқинчиларни руҳлантириб олдинда боради. Мудофаачилар қаршилигини синдириб душман Камолон дарвозасидан шаҳарга бостириб киради…

Ортиқ кўзимни юмиб туролмадим, ҳа, эълон қилинмаган уруш билан шаҳар босиб олинди. Қўққисдан бўлган хужум, хоинликлар, адолатсизлик, илмсизлик каби жуда кўп сабаблар шаҳарни ғайридинларга ўтишига олиб келди. «Бизлар воқеа ва ҳодисаларни бекитмасдан маълум қиламизки, Тошкентдан Оқмасжидгача ва бу ердан Fулжагача бўлган шаҳар ва қалъалар Тошкентга қарар эди. Бу жойларни рус аскарлари уруш ва талаш билан қўлларига киргиздилар. Уруш тўсатдан, муҳлатсиз ва сўзсиз олиб борилди. Тошкент шаҳри зулҳижжа ойининг ярмидан бошлаб сафар ойининг 12-кунигача, яъни 42 кун давомида сувсиз, озиқ-овқатсиз қолдирилди…» деган шаҳар катталари Сибирга сургун қилинди. Улар бир кун авлодларимиз тарихий ҳақиқатни англайдилар, шаҳарни қўш-қўллаб топширмаганимизни билсинлар, деб ҳаётларини сақлаб қолиши мумкин бўлган «…фуқаро ва мамлакат тинчлиги учун тамоми ихтиёримиз ва рағбатимиз билан рус сардорлари ва аскарларини олиб келиб уларга шаҳарни топширдик», деб ёзилган ҳужжатга имзо чекмадилар. Истиқлол неъматига бир кун авлодларимиз етишади, шунда ўша даврнинг уруш олиб бориш қонунларига хилоф равишда юртимизга бостириб келганлар ҳақида ўзлари хулоса қиладилар, деган умидда тақдир битигига рози бўлиб, жонларини хатарга қўйдилар. Босқинчилар эса, ўзларини ғозий санаб, ҳалок бўлганлари шарафига ёдгорлик ўрнатадилар. Яна бу ишни уларга қаттиқ қаршилик кўрсатган камолонликлар маҳалласида амалга оширадилар. Тарихий манбаларда ёзилишича, Камолон кўчасининг ҳар икки томони 19-аср 60-йиллари охирида ҳам вайрона ҳолда сақланган.

Урушдан, очлик ва хоинликдан чарчаган шаҳар аҳолиси ёдгорлик ўрнатилишига ортиқча қаршилик кўрсатмайдилар, бунга ҳоллари ҳам йўқ эди. Умидлари – бир кун авлодларимиз ўз ерларига эга бўлганларида тарихий адолатни жойига қўядилар ва камолончилар, ўша давр шаҳар ҳимоячилари номини абадийлаштирадилар, бундай бўлмаган тақдирда ҳам, бу ёдгорлик ўз-ўзидан, қор-ёмғир сувлари билан ер юзидан йўқ бўлиб кетади.

Авлодлари эса…майли, ўша машъум кунлардан кейин яна 150 йил мустамлака бўлиб яшадилар, аммо кейин истиқлолга эришдиларку?! Нега бу мустақиллик уларнинг фикрлашида юз бермаяпти? Шаҳар истилосидан энг кўп зарар кўрган ерлик аҳолининг ярасини янгилаш учун яна қайтадан таъмир этдилар. Хўп, буни дунёвий, сиёсий, маданий ва яна аллақандай сабабларга кўра амалга оширилгани уқтирилмоқда, лекин «миллий тикланишдан миллий юксалиш»га ҳаракат қилаётган партияларимиз нега бонг урмаяпти? Мустақилликдан кейин ўша даврлар ҳақида монография, асарлар ёзатганида йиғлаган тарихчиларимиз қани?

Партия ҳақида алоҳида. Ҳиссиётларни бир четга суриб фикр қилганда ҳам, замонавий дунё сиёсатидаги миллий партиялар ҳаракатидан келиб чиқиб ҳам «миллий»нинг истилочиларга бўлган муносабатини тушуниш қийин. «Бир кун тушунармиз» – ўша «бир кун», Худо сақласин, яна кимнингдир мустамлакаси ҳисобланган кунимиз бўлмасин.

Дунё тарихида уруш қилган армияларнинг байналмилал мозорлари бор. Бунда бир-бирига уруш очган давлатлардан ҳалок бўлганлар бир мозорга қўйилади ва буни одамлар табиий қабул қилишади. Лекин қўққисдан ҳужум қилиб, қирон келтирган босқинчилар учун ҳеч қаерда ёдгорлик ўрнатилмайди, истилочилар томонидан ўрнатилган ёдгорликлар секин-аста «маҳаллийлаштирилади» ёки ўзи йўқ бўлиб кетади.

Буни бошқа осори-атиқалар билан солиштирилмайди. Бизда ҳам руслар томонидан ёки совет даврида қурилган объектлар мустамлакачилик белгиси сифатида бузиб ташланаётгани йўқ, фойдаланиляпти, таъмирланяпти ва ҳ.з. Лекин истилочилар учун ёдгорлик – бу бошқа масала, «…жуда кўп одам қурбон бўлди. Черняевнинг буйруғи билан уйлар ёндирилди, эгалари отиб ташланди, милтиқ найзаси билан санчиб ўлдирилди, бирорта ҳам ёшу қарига шафқат қилинмади» – мана шу тарихий фактларни билиб туриб ҳам…

Қудратимиз ошиб, босар-тусаримизни билмай, қўшни давлатларга кўз олайтиришни бошлаганмидик-ки, бир вақтлар шаҳарни қонга ботирган истилочилар ёдгорлигидан ибрат олиб, ўзимизни босиб олишга ҳаракат қиладиган…

Бўлар иш бўлди, объект таъмирланди, энди нима қиламиз? Бузиб ташлаш яна ўша «дунёвий, сиёсий, маданий ва яна аллақандай сабаблар»га кўра мумкин бўлмаган замонда энг камида маълумот тахтачасига «Бу ерда Тошкентга бостириб келган аскарлар ётибди» деган ёзув киритиш керакдир? Балки, ўша объект ёнида «Тошкент ҳимоячилари»га бағишланган мажмуа бунёд этилар? Билмадик… Хулоса қилиш қийин бўлган замонда яшаяпмиз…

Росаям бағрикенг халқмиз. Тўғри қарорни қабул қилишда уни нотўғри талқин қилаётганларни ўйлаб, уларни хафа қилиб қўймасмиканмиз, деб куюниб юрамиз. Улар тўғри қарордан ўзларининг нотўғри мақсадлари йўлида фойдаланишаётганини кўриб турсак ҳам тушунтираверамиз, тушунтираверамиз, яна уларнинг тилига ўтиб…

Менимча улар тушунишмаяпти, ахир қандай қилиб 150 йилдан бери қуллик қилиб келаётган халқ бирдан ўзлигига қайтмоқчи, тилини эслаб қолибдими?

Одамга ўхшаб тушунтиряпсан, бу фақат давлат органлари ходимлари учун, уларнинг аксари шундоқ ҳам ўзбек, фақат ўзини озгина унутган, шунга «калтагина хивчин» билан «ақлини киритиб қўямиз», сизлар хавотир олманг, истасангиз «старорусский»да гаплашинг… – фойдаси йўқ. «Ойижон, анави мени санаб қўйди» (мультфильмдан), «Мен зўр блогер эдимку, ҳамма мени эшитардику», деб йиғлаб юришибди.

Энг қизиғи ижтимоий тармоқлардаги бутун «давлаттилизабон»лар (миллатчи бўлиб қолишдан қўрқиб шундай ёзворишга келиб қоляпмиз) уларнинг тилида тинмай тушунтириш, уларнинг наздида эса овунтириш ишларини олиб боришмоқда.

Тўлдирилди: Дарвоқе, сурбетлик шу даражадаки, ерлик халқнинг озгина ҳам риоясини қилиш, уларнинг ҳамиятига тегмаслик учун «ҳийла ишлатиш»га ҳам ҳаракат қилишмаяпти, яъни тўғридан-тўғри «давлат органларида Пушкиннинг тилида иш юритилишига қарши бўлмайсанлар!» деган масалани олиб чиқишяпти. Масала муҳокама қилишга арзийди, қайси тарафдан, жарималар одамларнинг жонига теккан, шунга бошқа рағбатлантириш йўлларини ўйлайлик, яна бир нарсалар деса бўлади

Колима (Колыма) – қўрқувларимиз ватани. Юрий Дудь фильми

Фильмни ўзбек тилида кўриш ва телефонга юклаб олишни истаганлар учун (2 соату 17 дақиқа, 460 MB)

Юклаб олиш

«Сизлар машҳур эмассиз, шунинг учун сабр қилинг»

Эрталабдан ижтимоий тармоқни айланиб чиқиб, одамни ўйлантириб қўядиган бир манзара эътиборимни тортди. Troll uz партиялар ҳақида «Партияларга саволларим бор» деган мавзуда пост қўйибди, кеча, чамаси 10 соатлар олдин. Ачиндим, эҳ, барибир ўқишмайди, рўйхатдан ўтган ОАВдаги мақолалар беэътибор қолади-ю, Troll uz’га муносабат билдиришармиди. Э, йўқ! Адашибман, муносабат 11-соатдан кечикмай дунё юзини кўрди, «Миллий тикланиш» партиясидан жавоб бўлди, бу жуда ҳам қувонарли ҳол, фақат «одам танлаш» бўлмаганида.

Ўтган ҳафта давомида Azon.uz сайти орқали партияларга у ёки бу томондан албатта боғлиқ бўлган иккита мақола чиқди. Иккинчисида аниқ савол билан мурожаат қилинди, тўғри, бу мақола айнан бир партияга қаратилмаган эди, шундай бўлса ҳам Олий Мажлисда депутатлик фракциясига эга партия муносабат билдиришига арзийдиган ҳолат деб ҳисоблардик, лекин партиялар бундай ҳисоблашмади. Сабаби номаълум, балки кўпчилик ўқимайдиган ресурснинг фикри муҳим эмасдир. Аммо масала муҳим эди. Кўпчиликни қийнаб келаётган, 2 йилдан бери ваъда берилаётган, унинг жорий ҳолатидаги талқини жуда кўп тушунмовчиликларга, айрим ҳолларда маъмурий ишлар очилишигача олиб бораётган қонуннинг янги таҳрири юртимиз мусулмонлари томонидан орзиқиб кутилаётган ҳужжат эди.

давомини ўқиш…

Сайловларимиз – ўйларимиз. «Миллий тикланиш»

Ҳа, сайловлар ўтгунича шундай бўлиб туради. Бугун «Миллик тикланиш» партиясининг сайловолди дастурини (партияда буни платформа деб аташади) таҳлил қиламиз, албатта, бу субъектив фикр бўлади. Нега партиянинг номини тўлиқ келтирмадик, яъни «демократик партия»нинг демократик сўзини қолдириб ёзяпмиз? Мақсадга ўтишни шу ердан бошламоқчимиз, номдан. Бизда демократик бўлмаган партия борми? 5 партиядан 4 таси демократик, янги тузилган «Экологик ҳаракат» ҳам демократик партия ёки кимдир буни инкор этадими? Бизда авторитар, тоталитар ва бошқа партия тузиш мумкинми? Йўқ, албатта. Демак, партиялардаги «демократик» сўзи ҳам фақат номни узайтиради, холос.

Дастур бўйича. Аввалги йиллардаги дастур тузишдан узоққа кетилмаган. Агар сиз янги бир йўналишни, янги бир мақсадни амалга оширмоқчи бўлмасангиз ўша бандни киритмаган маъқул. Ўзи шундоқ ҳам амалга ошаётган ишларни «биз ҳам қўллаб-қувватлаймиз» дейишдан нима наф? Ҳаммамизга маълум, бирор тадбир амалиётда мавжуд бўлса, уни чора-тадбирлар режаси, дастурларга «янада» формулировкаси билан қўшиб кетилади, бу ҳужжатнинг ҳажми кенгайишига, уни «оғирроқ, юк босадиган» бўлишига сабаб сифатида кўрилади. «Миллий тикланиш» партиясининг дастурида «янада» сўзи 25 маротаба ишлатилган. Тўғри, айрим ҳолларда сўзларни бир-бирига боғлаш учун ҳам бу сўзни ишлатиш керакдир. Лекин унинг кўплиги дастурнинг амалийлигига шубҳа уйғотади.

давомини ўқиш…