Алқиссаким жуда қадим жаҳолатли замонда
Бир донишманд улуғ ҳаким ўтган экан жаҳонда.
У кун бўйи гиёҳ териб, кезиб тоғу биёбон,
Одамларга шифо бериб яшар экан шодумон.
Унга минг бир дарднинг аён бўлиб давоси
Одамларнинг бора-бора ортаверди ихлоси.
Табобатга қалбан, руҳан фидо қилиб ўзини,
Ҳатто бир кун наштар билан очди кўрнинг кўзини.
Ривож топмиш соҳибҳикмат, дониш меҳнат мададкор,
Аммо қайда бўлса шуҳрат, ён бошида ҳасад бор.
Дуохон, парихону чалла мулла илвасин,
Хуллас юртда бор нодонлар бошладилар иғвосин
Тинмай кеча-кундузи топиб наби сўзидан,
Дедилар дард берган ўзи давоси ҳам ўзидан.
Бандасига бермак дори Яратганга исёндир,
Демак ҳаким иши макруҳ, ўзи эса шайтондир.
Бу сўзни чин деб билди нодон, жоҳил оломон,
Донишмандни сазо қилди, калтаклади беомон.
Чўғ темирда кўксин доғлаб дорга осмоқ бўлдилар,
Сўнг бўйнига харсанг боғлаб сувга босмоқ бўлдилар.
Кейин сувни, харсангни ҳам хайф билдилар шайтонга,
Ёқинг деди энг бош ҳакам, олиб чиқиб майдонга.
Кенг майдонга устун кўмиб боғладилар ҳакимни,
Сўнг темирни ўтга қўйиб доғладилар ҳакимни.
Буюрдилар: Ёқинг шитоб Азозилнинг ошнасин,
Керак бўлса кимга савоб чўп келтириб ташласин.
Савоб учун биров ўтин, биров ташлар дона хас,
Ҳаким бошин мағрур тутиб жоҳил элга қарамас.
Бир пайт гулхан сари бир чол аста кела бошлади,
Қучоғида бир боғ похол ғарам узра ташлади.
Деди: Асли туғилганда басир эдим мен ўзим,
Сен жодунинг тиғи бирла очиб қўйдинг кўр кўзим.
Тангри билиб яратган кўр, даво қилдинг не учун,
Сўроқда мен манглайи шўр нима дейман Маҳшар кун.
Ҳақ йўлдан озган одам, кўзим очиб не бердинг,
Мени бир йўл у дунё ҳам бу дунёдан айирдинг.
Кўрлигимда бу оламни тасаввурда кўрардим,
Дунёдаги бор одамни мушфиқ билиб юрардим.
Шафқат ила ким нону, ким чақа ташлаб кетарди,
Мен ҳам шунга кўнган эдим, шу ҳам менга етарди.
Қорним тўйса саодатим, йўқ туман хил тираклар,
Ҳамсуҳбатим, ҳам улфатим жажжи, ширин гўдаклар.
Ўйлар эдим дунёда бор мусаффолик, соддалик,
Кўзим очиб илк бор кўрдим – бераҳмлик сохталик.
Ўғирлигу фахшни кўриб жим юраркан одамлар,
Ўз дўстига кулиб туриб тиғ ураркан одамлар.
Бир ёнга боқ – айшу ишрат, бир ёнга боқ оҳу-воҳ,
Букун менинг кўнглимда ғаш, иймонимда иштибоҳ.
Дердим юртни бир бор кўрсам, кўрдим кўнглим тўқ энди,
Йўлда ётган кўрчалик ҳам эътиборим йўқ энди.
Адо бўлдим, тўйиб кетдим, адо бўлсам майлига,
Ё қайтадан ўша басир, гадо бўлсам майлига.
Кўр бўлсам ҳам майлига.
Бу сўзларни эшитдию фарёд қилди донишманд,
Ёқинг, дея сўради у олов бўлсин сарбаланд.
Тўйиб кетдим бу дунёдан ҳеч тоқатим қолмади,
Мендан шифо олди одам, олам шифо олмади.
Хурофотнинг захри теккан,нодон, жоҳил, гумроҳлар,
Давосига ожиз экан мен кашф этган гиёҳлар.
Кўр кўзларга нур бахш этди мен яратган гиёҳлар,
Қалблар кўзин очмоққа лек камлик қилди ҳунарим,
Одамларга мен яхшилик қилмоқчийдим нетайин,
Манглайда шу битик экан, ёқинг куйиб кетайин.
Ўт қўйдилар ёнди гулхан, қаро бўлди самовот,
Жаҳолатнинг ҳукми бирлан қурбон бўлди буюк зот.
Гулхан ёнди кўкка ўрлаб, чўғи ҳар ён сочилди,
Шу оловдан элнинг ажаб ақл кўзи очилди.
Йиғладилар аза тутиб, ўкиндилар, куйдилар,
Йиллар ўтиб донишмандга олтин ҳайкал қўйдилар.
Эй воҳ олим кўзи бирла кўрса эди бу ҳурматни,
Аммо ҳаким ўзи билан олиб кетди ҳикматни.
Қўй-й-эй кўнглим, сен бу замон даҳшатни кам ўйлагин,
Сенга насиб бўлган бу даврон созин олиб куйлагин.
Шукроналик майин ичиб яйраб қолгин бир нафас,
Бу оламдан кечиб кетгувчи бир, фақат биз эмас.
Қўй-й-эй кўнглим, кел муҳаббат, шеър завқига қонайлик,
Унда ёниш бўлса агар шеър ўтида ёнайлик.
Фақат бизга ғаму қадар, қайғу, ҳасрат ёт бўлсин,
То биз учун жон берганлар руҳи мангу шод бўлсин!..