Ҳазил ёки ҳа «зил»

Шахсий фикр. Кун муаммолари. Масъулиятсиз суҳбат. Соҳилга чиқинг.

Муаммо: ёлғон гапириш. Муаммо бўлганда ҳам катта муаммо. Агар шу муаммо ечимини топса, яъни ёлғон гапиришни тўхтатсак, ҳаёт ўзгариб кетса керак, яхши томонга, албатта (бунда «яхши» сўзининг маъносини қандай чақишга боғлиқ, кимдир ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам бой бўлишни яхши деб билса-ю, ёлғонларини ташлаб мақсадига етолмай  қолса, унинг наздида бу «яхши эмас» бўлиши мумкин, лекин маънан бузилмаган инсонлар учун ҳалоллик яхши). Биргина ёлғон бир инсоннинг бутун ҳаётини остин-устун қилиб юбориши мумкин. «Шум бола»ни эслаш кифоя, тўғри, охири яхшилик билан тугагандир, лекин йўқотилган соғлиқ, вақт, буларни ўрнини тўлдириб бўлармиди. Ғарб адабиётига қизиқувчиларга ҳам мисол топилади, «Ромео ва Жулетта», бирини ўлди деб иккинсига айтишади, иккинчиси бунга чидай олмай ўзини ўлдиради, кейин биринчиси…охири иккаласи ҳам бу дунёдан кўз юмишади, балки бу тўқима асардир, лекин мантиқан олиб қараганда ҳам шундай бўлиши мумкин-ку. Ёлғон — ёмон (эрнинг ўз аёлини рози қилиш учун (ёлғон) гапириши, урушдаги ёлғон, одамлар ўртасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапирмоқлик бундан мустасно, бошқа ҳолатларда ёлғон гапиришни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди).

Масъулиятсиз суҳбат.

Суҳбатдаги масъулиятни шу даражада унутганмизки, агар суҳбатдошга ёқмай қолса ҳазил деб қутулишимизга ишониб, дуч келган гапни гапириб юборамиз. Ҳамма нарсанинг чегараси бўлгани каби ҳазилда ҳам чегара бор. Бу чегара шундай қўйилганки, ёлғон аралашадиган бўлса (бугунги кундаги ҳазилларнинг аксарида уни учратасиз), умуман ҳазил қилиш керак эмас, ҳа-ҳа, ҳазил қилиш керакмас. Чунки «замонавий» ҳазиллар бирор воқеликни нотўғри ифодалаш, қўрқитиш (даб-дурустдан, огоҳлантирмасдан бирор-бир ҳаракатни амалга ошириш), бировнинг камчиликларини қисман (ёки тўлиқ) кўрсатиш ва шу каби суҳбатдошига (ва умуман инсонларга) руҳий ёки жисмоний озор бериш устига қурилади (ишонмасангиз ҳазилларингизни таҳлил қилиб кўринг). Камдан-кам ҳолларда ақлни чархлашга, диққатни жамлашга қаратилган ёки зеҳнни ўткирловчи ҳазилларни учратасиз (тўғрисини айтсам, замонамиз ҳазилларидан бу ерда келтиришга лойиқ мисол ҳам топа олмадим). Оддийроқ айтадиган бўлсак, ёлғон қўшмасдан ҳазил қила олмасангиз умуман ҳазил қилманг. Ўзбек киноларини кузатиб турувчилар билишади, «Ана холос» (фильмнинг савияси, сифати тўғрисида баҳо бермаяпман), бош ролни ижро этувчи дўстларига ҳазил қилиб «чўкиб кетади», қолгани «томоша», фильм ҳаётдан олинмаган бўлишини инобатга олиб яна мантиққа мурожаат қиламиз, ўринсиз ҳазилдан кейин шундай ҳолат бўлиши мумкинми, мумкин. Йўқотилган соғлиқ, йўқотилган вақт.

Соҳилни унутманг.

Дарёда (денгизда, кўлда, каналда, ариқда) чўмилаётган одам чарчаши билан соҳилга чиқади. Шунинг учун кучига қараб соҳилдан ё узоққа кетади, ё атрофда сузади. Бирор ишни бошлашда олдин ўйлаб кўринг, «соҳил» сизга қанчалик тез керак бўлиб қолиши мумкин? Иккита масала:

1. Ўз кучингизни ҳисобга олмай узоққа кетиб қоласиз, чарчайсиз, лекин уялиб қолмаслик учун ортга қайтмайсиз, бу янада аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.

2. Воқеликнинг марказидасиз, тарк этгингиз келмайди, ниманидир ўтказиб юборишни истамайсиз, лекин ўйлаб кўринг, балки «соҳил»га чиқиб четдан бир кузатган маъқулдир, воқелик қанчалик сизнинг иштирокингизга муҳтож?

Ҳозирча шу, саломат бўлинг, ёлғон гапирманг, ноўрин ҳазил қилманг ва «соҳил»ни унутманг.

Холис Самимий

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *