Иттифоққа аъзолик масаласи

Россия Федерал мажлиси федерал кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг Ўзбекистон яқин вақт ичида Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ)аъзо бўлиши ҳақидаги баёноти кўпчиликнинг салбий муносабатига сабаб бўлди. Табиий ва кутилган муносабат. Ўзи узоқлашганимизга кўп бўлгани йўқ.

Россия билан боғлиқ шу қадар кўп негатив хотиралар борки, одамларимиз бу иттифоқнинг нималигини билмасдан туриб, интуицияларига ишониб “бу бизга тўғри келмайди” деяптилар. Ва бунга ҳақлари бор.

Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўзи қандай ташкилот, нима учун тузилган, бугунги кундаги мавқеи, шу ва шу каби саволларга жавоб беришга уриниб кўрамиз.

Википедияга мурожаат қиламиз. Унча олис бўлмаган 2000 йил. Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон президентлари Остона шаҳрида 1995 йилда ташкил этилган Божхона Иттифоқининг ҳуқуқий вориси сифатида ЕОИҲни таъсис этдилар. 2005 йил 6-7 октабрда Санкт-Петербург (Россия)да Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти (МОҲТ)га аъзо давлатлар бошлиқлари кенгаши мажлисида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов таклифи билан давлатлараро иқтисодий интеграцияни янада ривожлантириш мақсадларида МОҲТ Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти билан қўшилгани ҳақида қарор қабул қилинди. Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо мамлакатлар Давлатлараро кенгашининг Санкт-Петербург саммитида Ўзбекистон мазкур ташкилотга расман аъзо бўлди (2006 йил 25 январь). 2008 йилда Ўзбекистон ташкилотдаги иштирокини тўхтатди.

2015 йилда ҳамжамият иттифоққа айлантирилди, интеграциянинг юқори даражаси деса ҳам бўлади ва унга Россия, Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон аъзо ҳисобланади. Молдавия кузатувчи давлат мақомида.

Демак, бу иқтисодий ташкилот бизга бегона эмас. Тарихга назар солсак, собиқ иттифоқ давлатларининг аксари Совет Иттифоқи тугатилгандан сўнг ҳам росмана мустақил бўлмаган. Албатта, бирор-бир ташкилот тузилиб, унинг доирасида фаолият юритилган. Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Божхона Иттифоқи, Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи кабилар билан давлатларнинг ички ва ташқи сиёсати ўзаро мувофиқлаштириб турилган.

Айнан ЕОИИ билан боғлиқ масалага қайтадиган бўлсак, юқорида таъкидланганидек, бу ташкилот Ўзбекистон учун бегона эмас. Ўз вақтида Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти (МОҲТ)дан ЕОИИнинг ўрнида бўлган ташкилот — ЕОИҲ фойдасига воз кечилган (фикримизча, МОҲТ бизга керакроқ эди). 2006-2008 йиллар оралиғида Ўзбекистон ЕОИҲнинг аъзоси ҳисобланган, бу йиллар бизга қанчалик фойдали бўлди ёки йўқ, бунга иқтисодчилар, сиёсатчилар баҳо беришар, лекин сўнгги 10 йил давомида ташкилот бизсиз ривожланди ва иттифоққа айланди, биз ҳам усиз ривожландик (ёки ривожланмадик).

Бу ташкилотга аъзо бўлишнинг фойда-зарарлари ҳақида ОАВ маҳаллий ва хорижий экспертлар фикрига асосланиб мақолалар чоп этишни бошлайди. Унгача ташкилотнинг ўзига хос икки хусусиятига тўхталиб ўтсак.

1. Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар ўртасида товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга ҳамда бу иттифоқ иқтисодий сиёсатининг асосий тамойили ҳисобланади.

2. Иттифоқ доирасида аъзо мамлакатлар давлат органларидан юқори турувчи иқтисодий соҳада сиёсат юритувчи тузилмаларнинг мавжуд бўлиши.

Юқоридаги икки ҳолат миллий иқтисодиётни ривожлантиришда иттифоқ сиёсатини ҳисобга олинишини билдиради. Ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлар билан ҳамкорлик қилишда, виза режими ва б.ларда ташкилотнинг тегишли тузилмалари билан келишига тўғри келади. Стандартлар, божхона қоидалари ҳам ягона бўлади.

Тарихга назар солсангиз иттифоқлар, ё кучли давлатлар учун, ёки янги ташкил топган, кўпчилик тан олмаган мамлакатлар учун фойдали бўлган. Совет Иттифоқининг Россия учун, Европа Иттифоқининг Германия, Франция учун (бекорга Буюк Британия бу ташкилотдан чиқиб кетмаяпти) кераклигини кўпчилигимиз биламиз. Арманистон каби қўшнилари билан муаммолари бўлган давлатлар ёки Абхазия, Косово каби тан олинмаган давлатларга ҳам турли иттифоқларга интеграция бўлиш фойдали ҳисобланади. Грузия ва Украина ҳам маълум бир сабабларга кўра Европа Иттифоқи томон интилмоқда. Тўғри, айрим ҳолларда ҳаёт даражасини ошириш, янги бозорларни кашф этиш учун ҳам кимлар биландир бирлашишга тўғри келади. Туркиянинг Евроиттифоқ аъзолигини муҳим санашини шу билан изоҳлаш мумкин.

Матвиенко. Нега айнан россиялик сиёсатчи Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши ҳақида биринчи бўлиб гапирмоқда? Россия ОАВнинг хабар беришича бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раиси билан мулоқот жараёнида маълум қилган, тўғридан-тўғри таржима:

“Ўзбекистон президенти бир қарорга келган ва Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий кенгашига қўшилиши масаласи кўриб чиқилмоқда», – деди Матвиенко Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашув чоғида”.

Қонунчилик палатасининг сайтини кўрамиз, у ерда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Россия Федерацияси Мажлиси Федерал Кенгаши Раиси билан учрашгани ҳақида хабар қолдирилган, лекин юқоридаги баёнот келтирилмаган, ёки бундай гап бўлмаган (бунга ишониш қийинроқ), ёки parliament.gov.uz бу ҳақда биз билан ўртоқлашгиси келмаяпти.

Катталар бир нарсани билмаса қилмайди, деган гап бор. Юқори давраларда балки узоқни кўзланган режалар бордир, ҳозирча билганимиз шу, яъни Матвиенконинг баёноти ва унга ижтимоий тармоқлардаги муносабат.

Яқин вақт ичида баёнотга Ўзбекистон тарафидан ойдинлик киритилса керак. Ҳар бир ишда объективлик, холисликни таъминлаш даркор, Евроосиё иттифоқига аъзо бўлишимизни истаётган фуқароларимиз ҳам бўлиши мумкин, улар бизни фуқаролар, улар ҳам ўз фикрларини айтишга ҳақли. Шундай экан, бу масалани оммавий муҳокамаларга олиб чиқиш, агар аъзолик фойдамизга бўлса буни тушунтириб бериш. Аксинча, асосли фикрлар айтилмаса бу фикрдан қайтиш ва халқнинг фикрини референдум ўтказиш каби демократик йўл орқали аниқлаб қарор қабул қилиш энг тўғри йўл бўлса керак деб ўйлаймиз.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *