Партиялар сайловга қандай дастур билан келяпти? ЎзЛиДеП

Юқоридаги саволга жавоб олиш учун аввалроқ «Миллий тикланиш» партияси сайтини ўрганиб чиққан эдик. Бу сафар ЎзЛиДеПнинг сайтига назар ташлаймиз.

Нега айнан веб-сайтдан ишни бошлаяпмиз? Ахир газета, журнал, ТВ ва радио орқали сайловолди дастурларини эълон қилиб, тарафдорларини кўпайтиришлари мумкинку? Аммо биз ахборот асрида, Интернет асрида, веб-сайт, ижтимоий тармоқлар жамият ҳаётида муҳим ўрин тутадиган асрда яшаяпмиз. Ташкилотингни веб-сайти йўқми? Ижтимоий тармоқларда фаол эмасмисан? Демак, сен йўқсан ёки номигагина фаолият юритасан. Ушбу фикрдан келиб чиққан ҳолда партияларнинг сайловолди дастурларини уларнинг веб-сайтларидан излашни бошладик.

uzlidep.uz – партиянинг муҳим ахборот ресурси, кунлик янгиликлар, партия аъзоларининг чиқишлари ёритиб бориладиган майдон. Охирги янгиликлар 5 октябрь санасида берилган, бу эътиборга молик жиҳат, сайтнинг фаоллигидан дарак беради. Лекин сайловолди дастурини излашга бир оз вақт сарфлашга тўғри келди ва уни сайтнинг «ертўла» қисмидан топдик. Майли, асосийси бор экан, энди уни таҳлил қилишга ўтамиз. Яна бир гап, сайтнинг футерида иккита дастур, бир партиянинг дастури, иккинчиси айнан бизга керакли – сайловолди дастури жойлаштирилган.

Вақтни ўтказмаслик учун тўғри сайловолди дастурини ўрганишга киришдик.

Аммо… у 2014 йилда тасдиқланган экан. Матнни ўқиб, у ҳақиқатан 2014 йилдаги сайловлар олдидан тайёрланганини англадик ва ўрганишни тўхтатдик, тўғри-да, ахир озмунча ўзгаришлар бўлдими? Балки адашаётгандирмиз, балки партиянинг 2014 йилдаги сайловолди дастури бугун ўз долзарблигини йўқотмагандир…

Бир томондан дастурнинг сайтга жойланмагани яхшидир, агар яна эски гаплар, баланпарвоз ваъдалар бўлса. Яхшиси унга сайловчилар эътиборини тортадиган даражада ишлов бериб, ичига амалий бандларни киритиб кейин эълон қилинса мақсадга мувофиқ бўлади.

ЛиДеПга ҳам «Миллий тикланиш»га айтган гапларимиз, агар сиз янги бир йўналишни, янги бир мақсадни амалга оширмоқчи бўлмасангиз ўша бандни дастурга киритмаганингиз маъқул. Ўзи шундоқ ҳам амалга ошаётган ишларни “биз ҳам қўллаб-қувватлаймиз” дейишдан нима наф? Ҳаммамизга маълум, бирор тадбир амалиётда мавжуд бўлса, уни чора-тадбирлар режаси, дастурларга “янада” формулировкаси билан қўшиб кетилади, бу ҳужжатнинг ҳажми кенгайишига, уни “оғирроқ, юк босадиган” бўлишига сабаб сифатида кўрилади… Тўғри, айрим ҳолларда сўзларни бир-бирига боғлаш учун ҳам бу сўзни ишлатиш керакдир. Лекин унинг кўплиги дастурнинг амалийлигига шубҳа уйғотади… “Чуқурлаштириш, кўмаклашиш, такомиллаштириш” каби сўзлар ҳам дастурнинг “юкини” оширмайди… Бундан ташқари қайсидир бандларни “чора-тадбирлар дастури тузамиз” билан якунлаш ҳам дастурнинг жозибадорлигига путур етказади. Шу дастурларни ҳозир тузишга нима халақит қилади? Чора-тадбирлар режасини шакллантириб, сайловолди дастурини аниқ ишлайдиган дастур сифатида тақдим қилганимиз яхшироқ.

Асосийси, дастурни аниқ чора-тадбирлар режаси билан бойитинг, қандай қонунларни қабул қилмоқчисиз ёки қайси эскирган нормаларни чиқариб ташламоқчисиз? Шулар ҳақида аниқроқ ёзинг, бизни, сайловчиларни ишонтиринг, керак бўлса бошқа партиялар мухлисларини тортиб олинг. Шерзод Қудратхўжаев айтганидек, сайлов вақтида маданиятни озгина унутинг, ҳалол кураш билан ҳақиқий сайловларни кўрсатинг.

Кейинги сафар «Адолат»ни ўрганамиз.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *