Сайловларимиз – ўйларимиз. «Миллий тикланиш»

Ҳа, сайловлар ўтгунича шундай бўлиб туради. Бугун «Миллик тикланиш» партиясининг сайловолди дастурини (партияда буни платформа деб аташади) таҳлил қиламиз, албатта, бу субъектив фикр бўлади. Нега партиянинг номини тўлиқ келтирмадик, яъни «демократик партия»нинг демократик сўзини қолдириб ёзяпмиз? Мақсадга ўтишни шу ердан бошламоқчимиз, номдан. Бизда демократик бўлмаган партия борми? 5 партиядан 4 таси демократик, янги тузилган «Экологик ҳаракат» ҳам демократик партия ёки кимдир буни инкор этадими? Бизда авторитар, тоталитар ва бошқа партия тузиш мумкинми? Йўқ, албатта. Демак, партиялардаги «демократик» сўзи ҳам фақат номни узайтиради, холос.

Дастур бўйича. Аввалги йиллардаги дастур тузишдан узоққа кетилмаган. Агар сиз янги бир йўналишни, янги бир мақсадни амалга оширмоқчи бўлмасангиз ўша бандни киритмаган маъқул. Ўзи шундоқ ҳам амалга ошаётган ишларни «биз ҳам қўллаб-қувватлаймиз» дейишдан нима наф? Ҳаммамизга маълум, бирор тадбир амалиётда мавжуд бўлса, уни чора-тадбирлар режаси, дастурларга «янада» формулировкаси билан қўшиб кетилади, бу ҳужжатнинг ҳажми кенгайишига, уни «оғирроқ, юк босадиган» бўлишига сабаб сифатида кўрилади. «Миллий тикланиш» партиясининг дастурида «янада» сўзи 25 маротаба ишлатилган. Тўғри, айрим ҳолларда сўзларни бир-бирига боғлаш учун ҳам бу сўзни ишлатиш керакдир. Лекин унинг кўплиги дастурнинг амалийлигига шубҳа уйғотади.

Масалан:

Ўзбекистон бизнинг орзуимизда “эркин шахс – кучли фуқаролик жамияти – тараққий этувчи иқтисодиёт – демократик ҳуқуқий давлат” формуласи бўйича ривожланаётган мамлакатдир.
Партиянинг муайян умумсиёсий вазифалари шундан келиб чиқади ва улар қуйидагиларда ўз ифодасини топади:

– одамларнинг сиёсий маданияти, демократик онги ва тафаккурини сифат жиҳатдан ўстиришнинг зарурий шартлари сифатида демократик ислоҳотларни ЯНАДА чуқурлаштириш ва маънавий соҳани бойитишда;

– фуқаролик жамияти институтларини ЯНАДА ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалий воситалари сифатида сўз эркинлигини таъминлаш;

– маҳалла институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришнинг бошқа шаклларини ЯНАДА ривожлантиришда;
– этник ва диний мансублигидан қатъи назар Ўзбекистоннинг барча фуқароларини ягона умуммиллий мақсад, давлатчилик ва умуммиллий ғурур рамзлар атрофида ЯНАДА жипслаштиришда.

Юқоридагилар партиянинг умумсиёсий вазифалари ифодаланган 8 банднинг 4 таси, 50 фоизи шу вақтгача амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш устига қурилган.

Давом этамиз.
Партиянинг маънавий-марифий соҳадаги вазифалари:
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси маънавий-ахлоқий тарбия ва маърифатни ЯНАДА чуқурлаштиришни миллий тикланиш жараёнида бутун жамият ва давлатнинг муҳим вазифаси деб ҳисоблайди.

Партия ўзбекистоннинг барча элатларининг миллий-маънавий жиҳатдан ЯНАДА тикланиши ва ривожланиши учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратишни ўз мажбурияти деб ҳисоблайди…

Партиянинг иқтисодий соҳадаги вазифалари:

  • иқтисодиётни эркинлаштиришни ЯНАДА чуқурлаштириш, ушбу жараён йўлидаги тўсиқларга барҳам бериш;
  • маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ЯНАДА қўллаб-қувватлаш;
  • чет эллик хусусий ва юридик шахслар учун инвестиция муҳитини ЯНАДА яхшилаш;
  • аграр секторнинг ЯНАДА саноатлашувига, қишлоқ ва шаҳарнинг ижтимоий-маиший шарт-шароитларини яқинлаштириш жараёнини тезлаштиришга кўмаклашиш.

Булар «янада» билан келган барча бандлар эмас. «Чуқурлаштириш, кўмаклашиш, такомиллаштириш» каби сўзлар ҳам дастурнинг «юкини» оширмайди. Бундан ташқари кўп бандлар қайсидир йўналишда «чора-тадбирлар дастури тузамиз» билан якунланади. Шу дастурларни ҳозир тузишга нима халақит қилмоқда? Чора-тадбирлар режасини шакллантириб, сайловолди дастурини аниқ ишлайдиган дастур сифатида тақдим қилганимиз яхши эмасми?

Дастурда аниқ таклифлар ҳам бор, масалан, Партиянинг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасидаги вазифаларида келтирилган қуйидаги бандлар партиянинг бу йўналишда жиддий изланиш олиб боргани ҳамда амалий натижага эришишга бел боғлаганидан дарак беради:
– маъмурий судлов соҳасига яраштирув институтини киритиш;
– халқаро амалиётда кенг қўлланилаётган жиноят ҳуқуқининг замонавий институтларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, хусусан алоҳида жиноятлар бўйича фақатгина жабрланувчининг аризаси мавжуд бўлгандагина жиноят ишини қўзғатиш тартибини жорий этиш;
– оила, мерос, уй-жой даъвоси ва маиший турмуш манбаида туғиладиган бошқа низоларни судгача ҳал этиш тизимини ривожлантириш, шу жумладан, ҳар қандай низони халқимизга хос бўлган тинч йўл билан ҳал этишга интилиш ва муроса йўлини излаш, шунингдек, фуқароларимизнинг серташвиш суд мажлисларига хоҳиш-истагининг йўқлигини инобатга олиб, бу борада маҳалланинг хизматидан фойдаланиш.

Таклифимиз, дастурни аниқ чора-тадбирлар режаси билан бойитинг, қандай қонунларни қабул қилмоқчисиз ёки қайси эскирган нормаларни чиқариб ташламоқчисиз? Шулар ҳақида аниқроқ ёзинг, бизни ишонтиринг.

Кейинги сафар либерал-демократик партия дастурини кўриб чиқамиз.
Каналга уланиш👉🏻 https://t.me/joinchat/AAAAAEuKd2PlMlIWNEmpJw

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *