Эрталабдан ижтимоий тармоқни айланиб чиқиб, одамни ўйлантириб қўядиган бир манзара эътиборимни тортди. Troll uz партиялар ҳақида «Партияларга саволларим бор» деган мавзуда пост қўйибди, кеча, чамаси 10 соатлар олдин. Ачиндим, эҳ, барибир ўқишмайди, рўйхатдан ўтган ОАВдаги мақолалар беэътибор қолади-ю, Troll uz’га муносабат билдиришармиди. Э, йўқ! Адашибман, муносабат 11-соатдан кечикмай дунё юзини кўрди, «Миллий тикланиш» партиясидан жавоб бўлди, бу жуда ҳам қувонарли ҳол, фақат «одам танлаш» бўлмаганида.
Ўтган ҳафта давомида Azon.uz сайти орқали партияларга у ёки бу томондан албатта боғлиқ бўлган иккита мақола чиқди. Иккинчисида аниқ савол билан мурожаат қилинди, тўғри, бу мақола айнан бир партияга қаратилмаган эди, шундай бўлса ҳам Олий Мажлисда депутатлик фракциясига эга партия муносабат билдиришига арзийдиган ҳолат деб ҳисоблардик, лекин партиялар бундай ҳисоблашмади. Сабаби номаълум, балки кўпчилик ўқимайдиган ресурснинг фикри муҳим эмасдир. Аммо масала муҳим эди. Кўпчиликни қийнаб келаётган, 2 йилдан бери ваъда берилаётган, унинг жорий ҳолатидаги талқини жуда кўп тушунмовчиликларга, айрим ҳолларда маъмурий ишлар очилишигача олиб бораётган қонуннинг янги таҳрири юртимиз мусулмонлари томонидан орзиқиб кутилаётган ҳужжат эди.
Партияларни танқид қилсак, бу уларни ёмон кўрганимиздан эмас, балки ҳозирча улар ишончни оқламаганидан. Ҳаммаси яхши бошланади, кейин яна эски изига тушиб олади. Биргина мисол, «Миллий тикланиш» партиясининг сайловолди платформаси тайёрланиши арафасида унинг лойиҳаси билан танишиш учун вилоятларда дебатлар ташкил қилинди. Шундай тадбирлардан бирида Azon.uz, AzonTV ходимлари ҳам иштирок этдик ва платформа лойиҳаси бандлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларимизни билдирдик. Мана энди ҳақиқий партияни кўрарканмиз, мана энди рақобат бошланади, деб сайловолди дастурининг охирги талқини эълон қилингунига қадар яхши ниятлар билан кун ўтказдик. Аммо натижа ҳар доимгидек, «сендан сўрашади, лекин билганларини қилишади». Қизиғи, ўша дебат ҳақида партиянинг сайтида маълумот ҳам берилмаган (ёки роса қидирсак ҳам тополмадик).
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган дебатларда партиянинг сайловолди дастурига Ислом динининг халқимиз ҳаётидаги ўрни, ёш авлодни тарбиялашда динга мурожаат қилишимиз кераклиги, аёл-қизларимизнинг ҳимоясида Ислом арконлари муҳим аҳамият касб этиши, ажрашишларни олдини олишда диний тарбия масалалари кўтарилган эди ва бу аҳолиси маданиятида дин ва миллат тушунчаси ягона маънога эга бўлиб кетган диёрмизда ниҳоят урғу тўғри қўйиляпти, деган хулосага келгандик.
Платформани кузата туриб, матнда «дин» сўзи фақатгина сўз боғловчи тарзида иштирок этганини кўриш мумкин, «Ислом» эса…
Тушунамиз, дунёвий давлат, секуляризм, лекин биздан ҳам «секулярроқ» бўлган Европада 100 дан ортиқ насронийликка асосланган ёки ушбу дин таълимотларини дастурига киритган партиялар борлигини кўриш мумкин. Наҳотки «Миллий тикланиш» деб ном олган партия миллатимизнинг ажралмас қисми бўлган динимизни ўз платформасида кўрсата олмаса?
Бизда диний партиялар тузиш мумкин эмас, лекин динни ҳеч ким олиб чиқмасин дейилмаганку? Ёки Европа бу мавзуда биздан ортда қолганми? «Конституцияни ишлаб чиқиш жараёнида Ислом Абдуғаниевич шахсан АҚШ, Германия, Япония, Канада, Франция, Португалия, Италия, Швеция, Туркия, Испания, Ҳиндистон ва Миср каби давлатларнинг асосий қонунларини мукаммал ўрганиб чиққан». Бу сўзлар islomkarimov.uz сайтидан олинди. Юқорида номлари келтирилган давлатларнинг ҳеч бирида партияларга диний мотивларни ўз дастурларига киритишга тақиқ қўйилмаган. Бундан ташқари уларда динни партия номига киритган кўплаб ташкилотларни кўриш мумкин, улар (айримларидан ташқари) дунёвий эмасми? Бир вақтлар президент Барак Обама мусулмон экан, деб АҚШда қанча норзоликлар бўлди, чунки давлат секуляр бўлса ҳам, халқнинг асосий қисми насронийликка эътиқод қилади ва давлат буни тўғри тушунди ҳамда Барак Обаманинг насроний экани, якшанба кунлари черковга бориб туришини айтиб одамларни тинчлантирди.
Биз бошқачамизми? Ота-боболаримиз минг йилдан бери амал қилиб келаётган динни шундай четлаб ўтиб кетамизми? Бизда қулоққа азон айтилмайдими? Ўлганда жаноза ўқилмайдими? Уч талоқ тушган оилалар ажрашмайдими? Хоҳлаймизми, йўқми, ҳаётимиз дин билан чамбарчас боғлиқ, демак бундан қўрқмаслигимиз керак.
Мақола бошида кўтарилган масала, партиянинг муаммоларни танлаб ёндашиши, аслида бу ҳам қўрқувдан бўлса керак. Биринчидан муаммолар Azon.uz – номидан диний тус бериладиган ОАВда ёритилган (порталнинг ахборот-таҳлилий эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз), иккинчидан «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» қонуннинг янги таҳрири ҳақида маълумот бериш сўралган…
Партиялар ҳақида ҳали ёзадиганимиз кўп.
Ғайратхўжа Сайдалиев