Суянишми ёки “авторитет”га эҳтиёж? Ёхуд “раҳнамо”лар замони

Инсон ижтимоий муносабатларга киришаркан, унинг фикри тингланиши, у билан ҳисоблашишларини истайди. Бу “мақсад”га ҳар хил йўллар билан эришилади: кимдир олим, кимдир спортчи, бири тақводор, кейингиси бой, яна бирининг зўр ҳунари бор, яна бири чиройли, кимнингдир овози ёқимли, кимнингдир сочи, кимдир баланд, кимдир паст бўйли, бири ориқ, кейингиси тўла, кимлардадир келтирилганларнинг бир нечтаси мужассам.

Бу хислат (сифат)лардан бирига эга бўлиб жамиятга кириб бориш ёки ўзлигини билдириш осон, энди юқоридагиларга эга бўлмаганлар ёки бундан фойдаланишни истамайдиганлар қандай йўл тутади? Улар бирор-бир баобрў шахс – авторитет атрофига жамланади. Авторитет исталган соҳада бўлиши мумкин, асосийси унга талпинаётган шахснинг “маънавий” эҳтиёжларини қондирса бўлди.

“Авторитет”сиз куни ўтадиганлар ҳам бор, фақат улар камчилик. Жамият аъзоларининг кўпчилиги билиб-билмай бирор-бир авторитетга эргашадилар ёки эргашаётган қилиб кўрсатадилар.

“Авторитет” деганда дарров салбий образ гавдаланмаслиги керак. Биринчидан, у обрўли шахс кимдир учун авторитетлигини билмаслиги ҳам мумкин. Иккинчидан, тўғри йўлдаги одамнинг бошқаларни шу йўлда эргаштириши ёмон эмас (албатта, тўғри йўлда – ўта нисбий тушунча). Ҳамма гап эргашувчиларда. Уларнинг эҳтиёжи ва хоҳиш-истагида.

Инсон ўзи учун идеал ҳисобланган инсонга эргашишга ҳаракат қилиши, ундан намуна олиши, ўзгариши жамият ислоҳига сабаб бўлади.

Эргашиш икки хил бўлиши мумкин: 1. Тарихда ўтган гўзал хулқ соҳиблари, олимлар, саркардалар ва шу каби замонамизда биз билан яшамаган (ёки у дунёга рихлат қилган замондош) шахслар; 2. Атрофимиздаги, шу бугунги куннинг қаҳрамонлари (эргашувчилар учун қаҳрамон, атрофдагилар бундай ҳисобламаслиги мумкин).

Биринчи ҳолат ўта табиий, илло тарих ҳам ибрат учун ўрганилади.

Кейинги ҳолатни ўзини иккига бўлиш мумкин – эргашишга, намуна олишга арзийдиган шахслар ва ясалган авторитетлар. Ёмони – авторитет ясаб олиш, бўлса керак. Шунисига алоҳида тўхталамиз.

Авторитет ясаб олишнинг ёмонлигига асосий сабаб – у Инсон буни истамаслиги мумкин. Ва яна уни кўтар-кўтар қилувчиларнинг нияти хайрли бўлиши эҳтимоли жуда кам. Асосан ғаразли мақсадлари ёки сохта обрў илинжи “раҳнамо” яратилишига олиб келади. Агар авторитет ўзи ҳам буни хоҳлаётган бўлса, уларнинг зарари (эргашувчилари билан бирга) янада кўп бўлади.

Авторитетлар турли соҳалардан танланиши ёки турли йўналишларда “яратилиши” мумкин: диний, тадбиркорлик, блогерлик, спортчи, банкир. Асосийси қолганларни шунга ишонтира билиш. Савол туғилади, ўзи учун кимнидир “раҳнамо” қилиб олиш нимага керак? Аслида инсон доимо ҳурликка талпинади, нега энди кимгадир эргашишни истаяпти?

Ушбу саволларнинг жавобини мақолани бошида айтиб ўтган фикрлардан топамиз – ижтимоий муносабатларга киришаркан, инсон, унинг фикри тингланиши, у билан ҳисоблашишларини истайди. Агар ўзи бунга мустақил эришолмаса, шунга эришган инсонлар атрофида, иложи бўлса, хос жамоасида бўлишда истайди. Ўзига мос авторитетни топа олмаса уни ўзи “ясайди” ва “сунъий авторитет” пайдо бўлади. Энди бундай “ясама авторитет”ларга ўз мавқеларини ушлаб туришлари ҳам керак бўлиб қолади. Агар буни ўзларининг ижобий хислатлаларини ривожлантириш, тарбиялаш орқали амалга оширсалар нур устига аъло нур, лекин…

Сўнгги воқеаларда, айниқса, айрим спортчиларнинг “пичоқбозлик”ка аралашиб қолишида асосан атрофдаги эргашувчилари олдида ўзининг кимлигини кўрсатиб қўйиш ҳисси ғолиб келганини кўриш мумкин. Камдан-кам ҳолларда алоҳида шахслар жанжал чиқаради (маст қилувчи ичимлик алоҳида масала). Ҳайбаракаллачи тарафдорлари уни керак бўлса шунга ундайди ҳам. Авторитетни кибр бошқаришни бошлайди ва тамом.

Шундай соҳалар борки улардаги ёмон авторитетларнинг зарари соҳанинг ўзида қолади, масалан ўша спортчилар. Тўғри, бу спортчи номига катта доғ бўлиши мумкин, лекин  спортчи бўлишдан айнитолмайди. (Яна бир гап – мақолада жиноятчилар тўғрисида гаплашиш ният қилинмаган, уларнинг зарарини тарифлашга ҳожат йўқ). Оммага таъсир қиладиган соҳаларда авторитет ясаб олиш, агар мақсади ёмон бўлса, зарари ҳам оммага бўлади.

Диний соҳада авторитетлар. Бугунги кунимизнинг аксар танқиди диний соҳага қаратилган, бўлиб ҳам ҳар томондан, амал қилувчилар – радикаллар, амал қилмайдиганлар – мусулмон эмас саналадиган замонда яшаяпмиз. Ушбу мақоладаги танқид айнан динга ёки динга холис хизмат қилаётган одамларга қаратилмаган, тўғри тушунасиз, деб ўйлаймиз.

Бир одам диндан илм ўрганган, қандайлиги Аллоҳга аён, юқорида келтирилган важлар асосида уни “диний авторитет” қилиб кўтарилади. Агар инсон бунга лойиқ бўлса, атрофидагилар ислоҳига сабаб бўлади ва бу яхши. Акси бўлса, зарари нафақат мухлисларига, “остона”дагиларга ҳам етади. Бора-бора “авторитет”лик унинг ўзига ҳам ёқа бошлайди. Мавқени ушлаш учун ҳар нарсага тайёр бўлади, илми етмаган жойларига ўзидан қўшишлар, етганини ҳам нафси кўригидан ўтказишлар пайдо бўлади.

Интернет ривожланган, ижтимоий тармоқлар оммалашган ҳозирги даврда, айниқса, “авторитет”ларнинг иши кўп. Уларда ҳар бир масалага муносабат билдириш, ўз фикрига эргаштириш, кўламни кенгайтириш кабиларга эҳтиёж кўпаймоқда. “Билмадим, билгичлар айтар” деган калималар улар учун хос эмасдек, шахсий фикрини илм сифатида тақдим этишлар бошланган.

Мақолани узоқ давом эттириш мумкин. Лекин биз ҳам тан олишимиз керак, ҳозирча бу масалани қандай ҳал этишни, “сохта авторитетлик”нинг давосини билмаймиз, билгичлардан фикрлари билан ўртоқлашишларини сўраймиз.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *