«Фарғона тонг отгунча…»

…Найлайки, иложим йўқ, ҳар кўчада йиғларман,
Тор ўлди Ҳазинийға Фарғона тонг отқунча.

Бугунги тонг (ижтимоий тармоқлардаги бонг) BBC’нинг хабари билан бошланди. Фарғона вилояти ҳокимига тегишли деб айтилаётган овоз соҳиби вилоят аҳлининг эътиқодини, маданиятини ҳурмат қилмаслигини айтиб турибди. Маданияти, адашмадингиз, айрим онахонлар, опа-сингиллар рўмолни айнан миллий анъана ўлароқ ўрайдилар.

Мажлисда бу гаплар шу даражада кўп қайтарилган-ки, яхши гумонга ўрин қолдирмаслик мақсад қилингандек. Дунёвий давлат тушунчаси эътиқод эркинлиги таъминлаймадиган, аниқроғи мусулмонлар ҳурмат қилинмайдиган давлат тушунчасига олиб келинмоқда. Аввалги мақолаларимизда биздан ҳам дунёвийроқ бўлган давлатлардаги дин масаласини кўриб чиққандик, ҳа, биздакаси йўқ, бу соҳада ҳам бошқачамиз, ўз йўлимиз бор.

Инвестор керак деймиз-у, киссамизда тўппонча. Эътиқод ҳимоясида шу даражада қўрқиб қолганмизки, «эътиқод эркинлигини таъминлаш керак, инвесторлар келмай қўяди» деб, иложи борича чет элликларни ўртага қўйишга ҳаракат қиламиз. Аслида эътиқод эркинлигини таъминлаш биринчи навбатда Ўзбекистон аҳолиси учун керак.

Ҳуқуқий-демократик давлат дегани қонуннинг ҳарфигача амал қилинади дегани. Конституция асосий қонун экан, нега қонуности ҳужжатлар билан уни хоҳлаган кўйимизга солаверамиз?

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. 31-модда.
Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

Мажлисдаги гаплардан юқоридаги модда бекор қилинганмикан, деб ўйлаб қоласан, лекин lex.uz’да ўзгариш йўқ.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун, 3-модда – Виждон эркинлиги ҳуқуқи:

…Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин.

Ислом динига эътиқод қилувчилар юқоридаги модданинг қайси бандини бузяпти? Аксинча эмасми, эътиқоди мустаҳкам ўғлон Ватаннинг биринчи ҳимоячиси, жамоат тартибини сақлаш, инсон ҳаёти, саломатлиги, аҳлоқи борасида Ислом динидагидан ҳам мукаммалроқ таълимот борми? Ҳуқуқ ва эркинликлар бўйича, «Динга мажбурлаш йўқ» деган эътиқод эгаларидан қандай ёмонлик кутиш мумкин?

Вилоят ҳокимларига Муфтий ҳазрат бошчилигида семинар ўтиш керак, Исломни тушунтириш керак. Туғилиш, ўлим, никоҳ, суннат, маросим – ҳамма-ҳаммаси дин билан боғлиқ бўлган юртда эътиқод эгаларини камситиш, бўлиб ҳам катта мажлисларда, вилоят каттаси томонидан, ҳам қонуний, ҳам маънавий ҳуқуқбузарликдир (янги тушунчага эҳтиёж пайдо, шекилли).

Яна бир амалий таклиф, барча катта раҳбарларни Туркия, Малайзия каби давлатларга хизмат сафарига юбориш керак, кўришсин, ишонишсин, дунёвийлик принципига қурилган мусулмонобод юртлар борлигига, кўз ўнгиларида фақат Афғонистон айланавермасдан.

Ҳуқуқий-демократик давлат, демак, Фарғонадаги ҳолат бўйича «прокурорга китоб сотишда айбланаётган 3 нафар аёлнинг ҳаммасидан тушунтириш хати олиб, жарима солишни айтган»и учун Бош прокуратура, «Ички ишлар ва судяларни ҳам чақириб, ҳурматли ҳоким. Маҳалла фуқаролар раисини ҳам беш суткага жарима қилиб қамайсизлар. Бунақа маҳалла раиси ҳам керакмас, поспони ҳам керакмас. Риштоннинг хотин-қизлар қўмитасини ишдан олиб ташланглар» учун Ички ишлар вазирлиги, Олий суд, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси вазиятни назоратга олиб, бундай топшириқ берган мансабдор шахсга нисбатан ўзларини муносабатларини билдиради ва масалага ойдинлик киритилади.

Юз йил аввал қалб тўридан чиққан сўзлар:

Ҳижрон ўтиға бағрим сўзона тонг отқунча,
Уртаб юрагим, жисмим бирёна тонг отқунча.

Ман Вомиқ-у Узро — сан, васлингга етолмасдин
Ҳар кеча қароргоҳим остона тонг отқунча.

Раҳм айла бу ҳолимға, эй кўзлари хуморим,
Ҳажрингда бу кўнгуллар вайрона тонг отқунча,

Ҳеч кимға деёлмасман бу арз ила ҳолимни,
Қонға жигарим тўлди гирёна тонг отқунча.

Хилватда агар кўрсам, сирримни баён айлаб,
Сан бирла бўлай анда ҳамхона тонг отқунча.

Ахшомда жамолингни шамъини мунаввар қил,
Айтай санга ҳолимни, парвона тонг отқунча.

Найлайки, иложим йўқ, ҳар кўчада йиғларман,
Тор ўлди Ҳазинийға Фарғона тонг отқунча.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *