Мустақил фаолият билан шуғулланиб юрган одам давлат ишига ўтса ўзгарадими?

Бу савол кўп фаолларни доим ўйлантириб келади. Давлат тузилмаларида ҳам, хусусий секторда ҳам (кўпроқ ҳозирги фаолиятимни назарда тутмоқдаман) ишлаган инсон сифатида айтишим мумкинки, одам агар қадриятлари, принципларида мустаҳкам бўлса ўзгармайди, аммо унинг қарашлари корректировкага учрайди. Жамшид Муслимов ва Обиджон Латипов постларини ўқиб ушбу матнни ёзяпман, лекин фикрларим айнан улар атрофида айланмайди.

Пост узун бўлмаслиги учун фикрларни бир-бирига боғлашга ҳаракат қилмасдан рақамлаб қолдираман.

1. Давлат органлари ходимлари (айниқса, раҳбарлари) ва оддий одамларнинг мурожаатлар борасидаги қарашлари турли хил. Оддий одамлар «муаммо пайдо бўлса давлат органларига мурожаат қиламан» дейди, масъул идоралар эса мурожаат қилишда барча босқичлар босиб ўтилиши, тегишли шартлар бажарилиши шарт деб ҳисоблайди. Шуни ўзида тушунчалар бир-биридан фарқланишни бошлайди. Кейин, «давлат одамлари» агар халқнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи яхшиланса, мурожаатлар келиши тугайди деб ҳисоблайди. Мурожаатчилар «мана бу ишим ҳал бўлса, бўлди» деган принципда эмас, давлатнинг вазифаси бу, деган фикрда. Яхши бўлса. Ундан яхши бўлиши учун мурожаат қилади. Тўғри, мурожаатлар сони ўзгариши мумкин, лекин яхшилик тез ўзлаштирилади ва кейингиларига ҳаракат бошланади. Ва, умуман, бу тўғри.

2. Фуқаролар мурожаатлари соҳасидаги ислоҳотлар 2013 йилдан бошланган бўлса ҳам, 2016 йилдан янги паллага кўтарилди ва ҳақиқий радикал ўзгариш бўлди – биринчи раҳбар мурожаатларни кўра бошлади. Бунга давлат раҳбари тайёр эди, аммо давлат кўпчиликдан иборат ва барча раҳбарлар бунга тайёр эди дейиш қийин. Турли чоралар (кўпроқ кескин) натижасида қолган давлат органлари масъулларини мурожаатлар билан оператив ишлашга ўргатилди. Ва бунда «тажриба камлиги боис», мурожаатларни ҳал қилиш режаси ортиғи билан бажаришга ўтиб кетилди. Бу ўз навбатида давлат органлари ваколати доирасидан ташқари чиқувчи мурожаатлар оқимига олиб келди. Сурхондарёдаги бир йиғилишда ҳокимга залдан мурожаат бўлди, «фарзандим Тошкентдаги чет эл олий ўқув юрти имтиҳонларидан ўтди, лекин контракт тўлашга қурбимиз етмайди» деган. Дарҳол ўша фуқаро истиқомат қиладиган туман ҳокими бу масалани ҳал қилишини, биринчи йил пулини тўлаб беришини айтди, залда қарсаклар, ҳамма хурсанд. Аммо вилоят ҳоким сўз олиб, вазиятга реал баҳо бериш кераклигини, туман ҳокими бу йил пул тўлаб берар, лекин оила кейинги йилларига қийналиб қолиши мумкинлигини, шу туфайли, оила қурби етадиган ўқишга топшириши мақсадга мувофиқлигини айтди. (Ўзи туман ҳокимлари шунақа масъулиятни бўйнига олганда нимани режа қилган бўлади, ҳайронсан). Тўғри, бир оила хафа бўлди, аммо қонунларда назарда тутилмаган ва тутиб бўлмайдиган одатнинг бошланишига чек қўйилди. Айрим ҳолларда хос масаланинг ечими умумий муаммони ёпиқлигича қолдириши мумкин. Юқоридаги масала аслида у оиланинг муаммоси эмас, йиллар давомида олий таълим билан қамраб олиш даражаси паст бўлиб келганлиги натижасидаги ижтимоий муаммо эди. Мурожаат масъул ташкилотлар шу масала устида ишлаши кераклигини билдирарди, чунки «катта контракт»ларга ҳамманинг ҳам имконияти етмайди.

Мурожаат қилувчиларга чегара қўйиб бўлмайди, улар давлатдан сўрайверади ва бунга улар ҳақли. Давлат органларининг вазифаси муаммога ечим топиш, лекин хос муаммони ечиб қутулиш эмас, илдизини топиб даволаш.

3. Қарашлар корректировкаси. Оддий аҳоли вакили сифатида мурожаат қилганингизда сиз битта мурожаатни кўрасиз, унинг ечими сиз учун муҳим, бошқа нарса қизиқтирмайди. Масалан, кўчасини асфальт қилиш масаласи ўша маҳалла аҳолисини учун бугун ўта зарур. Туман ҳокимлигига масала кўндаланг қўйилади, аммо ўша маҳаллада совуқ сув қувурларини алмаштириш 2 ойдан кейинга мўлжалланган, чунки завод ҳозир бошқа туман учун қувур етказиб беряпти ва ҳ.з. Агар туман ҳокимлиги йўлни бугун асфальт қилмаса, халқнинг норозилигига учрайди, бугун асфальт қилса 2 ойдан кейин яна асфальт қилиши керак, унга пул топиши керак. Ёмон ечим – йўлни номига асфальт қилиб, пулнинг бир қисмини ишлатиш, кейин яна бошқатдан асфальт қилиш, лекин иқтисод қилиб, чунки бир қисмини ишлатиб қўйган. Яхши ечим қандай бўлишини айтолмайман, муаммо бир куннинг, ҳатто бир йилники ҳам эмас. Мутахассислар изланиши керак.

Кеча «кўчасини таъмирланишини» сўраб юрган йигит бугун ўша туман ҳокимлигига ишга ўтди. Қарасаки бундай маҳаллалар кўп, қай биридан бошлаш керак? Албатта, режа билан. Аммо буни маҳалладошларингга тушунтириб кўрчи!

Кооректировка қадриятлари, принципларига содиқ одамларда содир бўлади, қолганлари шартта ўзгарволади ва «қутулади».

4. Кооптация. Берлинда жойлашган ижтимоий тадқиқотлар илмий маркази (WZB) олимларининг ўтказган ўрганишларида шу нарса маълум бўлади: авторитар режимлар асосан 3 устунга қурилади – легитимликка доимий ҳаракат, қатағон (юмшоқ, қаттиқ) ва кооптация. Биринчи иккитаси кўпчиликка тушунарли, кооптация ҳақида тўхталамиз.

WZB олимлари таъкидлашича, кооптация шундай феноменки, бунда тузум аҳолининг бир гуруҳига (фаоллар, олимлар ва бошқалар) ҳукмрон доирага киришни ва бундан манфаат олишни таклиф қилади. Бундай элитанинг шаклланиши тузум узоқроқ яшашига имкон беради.

Хўп, унда кооптация ёмонми? Хулоса қилишга шошилмаслигимиз керак. Кузатишлар шуни кўрсатадики кооптация жараёни икки тарафга ишлайди. Кооптацияга учраган (дучор қилинган) инсон (фаол, олим) ўзининг либераллик (бундай элита учун асосан либерал қатлам танлаб олинади) хислатлари билан ҳукмрон доира вакилларини «зарарлайди». Агар бундай элита кўпайса авторитар режимларнинг юмшоқ трансформациясига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Асосийси янги элитани бездириб, «нариги тарафга» ўтадиган даражада хафа қилиб қўймаслик.

Мавзу юзасидан фикрлар бўлса, мулоқотга тайёрмиз. Балки шу йўналишда кўрсатув ва мақолалар тайёрлаб борармиз. Айтганча, бугун кунда кўзга кўринган камчиликлардан бири бу муаммоларни ўрганиб, таҳлилий мақолалар ёзмаслигимиз. Тадқиқотларга беэътиборлигимиз. Шу туфайлидир, айрим ҳолларда «диндорлик даражасининг ошиши суверенитетга таҳдид» деган таги пуч, ҳеч нарсага асосланмаган «таҳлил»ларни «ҳазм» қилиб ўтирибмиз.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *